Sayt sinov rejimida ishlamoqda

Yagona aloqa raqami (+998) 71 2000036; Ishonch telefoni (+998) 71 2335623

Teatr va xoreografiya bo‘limi

Bo’lim mudiri::

Muxtarov Ildar Askadovich

Ilmiy daraja va unvon: San’atshunoslik fanlar doktori
Тelefon: +998 (71)
E-mail:  
Xodimlar soni:  
Boshqa ma'lumotlar Ilmiy faoliyat to'g'risida

 

                    “ТЕАТР ВА ХОРЕОГРАФИЯ” БЎЛИМИ ҲАҚИДА

         “Театр ва хореография” бўлими институтда алоҳида ўринга эга бўлиб, бўлимда кўплаб тадқиқотлар, илмий лойиҳалар амалга оширилган. Бўлим 1934 йилда ташкил этилган. Бўлимнинг илк мудири таниқли театршунос, санъатшунослик доктори М.П.Верхацкий эди.

          Бўлим фаолиятининг дастлабки йиллари “Ўзбекистон театрлари тараққиёти” ҳамда “Ўзбек саҳнасининг миллий шакллари муаммоларига доир” каби кичик тадқиқотлар юзага келади.

          1936 йилда институт Тошкентда ташкил этилган Консерваторияга “илмий тадқиқот кабинети” сифатида қўшиб юборилади. 1940 йилга келиб, институт қайта ташкил этилади ва бўлим ҳам ўз фаолиятини давом эттиради.  Бироқ  иккинчи жаҳон уруши йиллари институт фаолияти тўхтаб қолади. Уруш авжига чиққан мураккаб даврда, яъни 1943 йилнинг 23 августида Ўзбекистон ҳукумати “ЎзССР Санъатшунослик илмий тадқиқот институтини ташкил қилиш ҳақидаги” қарорни имзолади. Шундан сўнг институт фаолияти жонланди, “Театр ва хореография” бўлимига ҳам истиқболли, ёш олимлар жалб қилинади. М.Верхацкийдан ташқари бўлимда В.Хорал, А.Е.Левитина, А.Хўжаева, З.Соронбоева, И.Г.Бахталар фаолият кўрсатишди. Таъкидлаш ўринлики, гарчи бўлим аъзолари кўп бўлмасада, эътиборга молик тадқиқотлар яратилди. Хусусан, 30-йилларнинг ўрталаридан бошлаб, бўлим ходимлари ўзбек театр ва рақс санъатининг тарихи, шаклланиш босқичларини чуқур ўрганишга киришди. Бу соҳадаги илк изланишларни А.Л.Троицкая ва И.Г.Бахталар олиб боришди. Этнограф А.Л.Троицкая Т.Қодиров, Ҳ.Комиловлар билан ҳамкорликда Фарғона водийсига экспедициялар уюштирди. Сафар давомида водийда истиқомат қилувчи қўшиқчилардан ўзбек анъанавий театрининг кўплаб намуналари ёзиб олинади ва улар асосида “Ўзбек халқ театри” номли салмоқли тадқиқот яратилади. Шу йиллари ёзилган И.Г.Бахтанинг  “Катта ўйин” тадқиқоти  ўзбек рақсшунослигидаги илк фундаментал иш саналади. Шунингдек, М.Верхацкийнинг “Ўзбек театри тарихи. Энг қадимги даврлардан шу кунларгача” номли тадқиқоти, Аброр Ҳидоятовга бағишланган очерки ўзбек саҳна санъатига доир дастлабки тадқиқотлар ҳисобланади. Қолаверса, Ҳамза номидаги театр (ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театри) ҳақида материаллар тўплаш бошланади.

 1957 йилда Ҳамза номидаги театрнинг 35 йиллигига бағишлаб ўзбек ва рус тилларида “Ҳамза номидаги Давлат Академик драма театри” номли монография нашр этилади (муаллифлар: Л.Авдеева, В.Дьяченко, А.Рибник, А.Турдиев). Тадқиқотда театрга асос солинганидан бошлаб, шаклланиш жараёнларигача бўлган давр илмий таҳлил қилинади. Айнан шу йили институтда аспирантура очилади. Атоқли театршунос олим, санъатшунослик фанлари доктори М.Х.Қодиров институтнинг илк аспирантларидан бири эди.

         Аста-секин бўлимнинг илмий фаолият доираси, тадқиқот объектлари кенгаяди. Бўлим “Театр, рақсшунослик ва кино” деб атала бошлайди.  1961 йилдан бошлаб мазкур бўлимга атоқли театршунос, санъатшунослик доктори, академик М.Раҳмонов раҳбарлик қилади. М.Қодиров, Р.Каримова, Ж.Тешабоев, Ҳ.Абулқосимова, А.Ҳасанов, Ҳ.Акбаров, В.Дьяченко, Т.Турсунов, Я.Фельдман, Э.Исмоилов, А.Стендель, Л.Авдеева сингари тадқиқотчилар театр ва рақс санъати бўйича салмоқли тадқиқотлар олиб боради.   

        1955 йилдан бошлаб институт томонидан республикамизнинг барча ҳудудлари ва Марказий Осиё минтақаси бўйлаб илмий экспедициялар ташкил этилади. Мазкур экспедицияларда бўлим ходимлари ҳам фаол иштирок этиб, Хоразм воҳаси (1957),  Тошкент (1958),  Самарқанд (1959), Бухоро (1960), Сурхондарё ва Қашқадарё (1955, 1956, 1958, 1961), Фарғона (1962-1964) водийсида яшовчи маҳаллий аҳолидан ўзбек рақси ва халқ театрига тегишли қимматли маълумотларни ёзиб олишади. Айниқса, узоқ йиллик ўтмишга эга бўлган ўзбек театри тарихини тиклаш, халқ анъанавий театрини ўрганишга алоҳида урғу берилади. Бу борада айниқса, ўзбек театршунослигининг икки буюк дарғаси – М.Раҳмонов ва М.Қодировларнинг илмий фаолияти сермаҳсул бўлганини таъкидлаш лозим. М.Раҳмоновнинг “Ўзбек театри: XVIII асрдан ХХ аср аввалига қадар”  (“Фан”, 1975), “Ўзбек театри қадимий замонлардан XVIII асрга қадар” (“Фан”, 1978) монографиялари ўзбек театршунослигидаги фундаментал тадқиқотлардан бўлиб, уларда Марказий Осиёда театр санъатининг вужудга келиши эрамизгача III-II асрларга борилиб тақалиши асослаб берилди. М.Қодировнинг “Ўзбек оғзаки драмаси” (1963),  “Масхарабоз ва қизиқчи санъати” (1971), “Ўзбек театри анъаналари” (1976),  “Ўзбек халқ томоша санъати” (1978), “Мусиқали драма манбалари” (1980) ва бошқа китобларида ўзбек анъанавий театрининг илдизлари чуқур таҳлил қилинди.

          Турли йиллар давомида бўлимда фаолият олиб борган Я.Фельдман, Т.Турсунов, А.Рибник, В.Дьяченко, Л.Авдеева, Ф.Жўраев, И.Мухтаров, М,Ҳамидова, М.Тўлахўжаева, Е.Панова, Д.Мусаева, С.Қодирова, Д.Раҳматуллаева, Д.Қодирова, О.Тожибоева, Н.Қурбонбоева сингари олимлар ўзбек театрининг тарихи ва шаклланиш босқичлари, турли жанр ва йўналишларини тадқиқ этдилар.      

Ҳозирги кунда бўлимга санъатшунослик фанлари доктори Ильдар Мухтаров раҳбарлик қилмоқда. И.Мухтаров кейинги йилларда ўзбек театрининг тарихи, асосий ривожланиш тенденциялари ва замонавий жараёнларига бағишланган  “Узбекский театр. Страницы истории ва современности” (Ташкент: Изд. журнала “San’at”, 2014.),  атоқли режиссёр Баҳодир Йўлдошевнинг ижодий фаолияти таҳлил қилинган “Режиссёр Баҳодир Йўлдошев. Суҳбатлар. Мақолалар. Эсдаликлар” (Тошкент: “San’at” журнали нашриёти, 2015), ўзбек театрининг машҳур актрисаси Сора Эшонтўраеванинг ҳаёти ва ижодига доир хотираларни қамраб олган “Ҳаётимни варақлаб...” (Тошкент: “San’at” журнали нашриёти, 2019),  Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Асқад Мухторнинг Танланган асарлари (Тошкент: “Baktria Press, 2020) ни нашрга тайёрлади. Мазкур китоблар соҳа мутахассислари, илмий ва маданий жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.  Шунингдек, Д.Раҳматуллаеванинг “Ўзбек театри: тарихий драма” ( Тошкент: San’at журнали нашриёти, 2004), С.Қодированинг “Комедия санъати тарихи”. (Тошкент: “San’at” журнали нашриёти, 2008.), Д.Қодированинг “ХХ аср ўзбек театри сценографияси”. (Тошкент: “San’at” журнали нашриёти, 2009.), О.Тожибоеванинг 2-томлик “Эпос ва театр” (Тошкент: “San’at” журнали нашриёти, 2015-2016) каби монографиялари салмоқли тадқиқотлардан бўлди.

Бугунги кунда бўлимда Б.Ёқубов, О.Азизова, Ш.Абдурасулов, К.Рахмонова, М.Муҳаммадаминова, Б.Ғайбуллаев, Ч.Ҳамидова, С.Исмоилова, Д.Досжанова, З.Фазлиева сингари ёш олимлар, илмий ходим ва докторантлар ўз тадқиқотларини олиб бормоқда.


×