Sayt sinov rejimida ishlamoqda

Yagona aloqa raqami (+998) 71 2000036; Ishonch telefoni (+998) 71 2335623

“Эллинистик Шарқ: анъана ва иновация” мавзуидаги халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди

Илмий анжуман

“ЭЛЛИНИСТИК ШАРҚ: АНЪАНА ВА ИНОВАЦИЯ”

Ҳозирги кунда миллий маданиятимизни асраб-авайлаш, ривожлантириш, юртимиздаги тарихий обида ва ёдгорликларни қайта тиклаш, ўрганиш ва келажак авлодларга бус-бутун етказиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.  Бу борада, Ўзбекистон ҳудудидаги  антик даврга оид тарихий-маданий меросни илмий жиҳатдан ўрганиш ва тарғиб қилиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Санъатшунослик институти ҳамда Сурхондарё вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган  “Эллинистик Шарқ: анъана ва иновация” мавзуидаги халқаро илмий-амалий анжуман бу борада ўзбекистонлик ва хорижлик мутахассислар томонидан олиб борилаётган илмий тадқиқотлар, уларнинг кўлами ва асосий йўналишлари билан яқиндан танишиш, соҳадаги долзарб масалаларни муҳокамадан ўтказиш имконини берди.

         Анжуман иштирокчиларига табрик сўзини йўллаган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Бегзод Содиқович Йўлдошев таъкидлаганидек, “Юртимизда эллинистик давр моддий-маданий ёдгорликлари, бу даврда ривож топган санъат турларини илмий жиҳатдан тадқиқ этиш ҳамиша долзарб масалалардан бири бўлиб келган. Ўтган йиллар давомида Санъатшунослик институти олимлари томонидан бу борада салмоқли ишлар амалга оширилиб, кўплаб монография ва тўпламлар нашр этилди. Қувонарли жиҳати, бу йўналишдаги замонавий тадқиқотлар, экспедициялар ҳозирги кунда ҳам давом этмоқда. Санъатшунослик институти томонидан ташкил этилган ушбу халқаро анжуман ўзбекистонлик ва хорижлик олимларнинг сайъ-ҳаракатларини бирлаштирган ҳолда, эллинистик давр Шарқ маданий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш ишини янада ривожлантириши аниқ”.

         Антик давр тарихи ва маданиятини ўрганиш бўйича йирик мутахассислар, етакчи санъатшунос ва тарихчилар қатнашган ушбу анжуманда АҚШ, Германия, Россия, Чехия, Япония давлатларидан олимлар ҳам маъруза қилганини қайд этиш лозим. Анжуманда академик, тарих фанлари доктори, профессор Э.В Ртвеладзенинг “Кампиртепадаги эллин даврига оид олов ибодатхонаси”,  И.В. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи директори Т.К. Мкртичевнинг “Кушон даври Бақтрия санъатида сўнгги эллин маданияти анъаналари”, АҚШ нинг  Хофстра университети олими, профессор А.И. Наймаркнинг “Евтидем тангаларига тақлид: е.а. I  аср Бухородаги аланлар сулоласи”, Япониядаги Шарқ фалсафаси институти олими, санъатшунослик фанлари номзоди К. Квасакининг “Кушон даври Бақтрия санъатига эллин маданиятининг таъсири”, Германиядаги Берлин Археология институти ходими Н. Боровканинг “Қўрғонзол — Буюк Александр қалъаси”, Чехиянинг Карлов университети олимлари Л. Станчо, Ж. Кисла, П. Мило, Т. Тенкернинг “Жанубий Ўзбекистонда сўнгги эллин даврига оид Искандартепа ёдгорлигининг кашф этилиши”, Берлиндаги Яқин Шарқ археологияси институти тадқиқотчиси А. Курбановнинг “Авлиётепа Жанубий Туркиманистондаги мил. авв. 2-1 асрларга оид қишлоқлар”, Россия Федерацияси Давлат Эрмитаж музейи ходими, тарих фанлари номзоди А.В. Омелченко ва ўзбекистонлик олим, тарих фанлари номзоди Г.П. Ивановнинг “Пойкентдаги олов ибодатхонасига оид янги тадқиқотлар”, Россия Федерациясининг Умумий тарих институти ходими, тарих фанлари номзоди С.В. Смирновнинг “Марказий Осиёда зарб қилинган, Россия музейларида сақланаётган Салавкийлари давлати  тангалари” каби мавзулардаги маърузаларини алоҳида белгилаб ўтиш мумкин.    

         Онлайн кўринишда ташкил этилган анжуманда Ўзбекистон ҳудудида антик даврда кечган маданий жараёнлар, бу даврга оид шаҳар ва қалъалар, олов ибодатхонлари, меъморий анъаналар, деворий рангтасвир,  заргарлик, кулолчилик намуналари, салавкийлар, парфия ва кушон тангаларига бағишланган маърузалар катта қизиқиш билан қабул қилинди. Шунингдек, илмий анжуман ишида санъатшунослик институтининг ёш олимлари О.Й. Орипжонов, А.Ф. Ўлмасов, А.Н. Горин ҳам ўз маърузалари билан фаол иштирок этишди.

 

    

 

ЎзР ФА Санъатшунослик институти

ахборот хизмати.


×